Сурхондарёда таъмирланаётган йўлда «Cobalt» ағдарилиб кетиб, ҳайдовчи ҳалок бўлди — видео

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида 10 декабрь куни таъмирлаш ишлари олиб борилаётган, тунги чироқлар билан ёритилмаган йўлда «Cobalt» ағдарилиб, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Кадр: Telegram/@yhxbb_uz

Хабарга кўра, воқеа 10 декабрь куни 21:30 ларда туман ҳудудида жойлашган М-39 йўлининг 1415-километрида Тошкент—Термиз йўналишида содир бўлган. Маълум қилинишича, туманнинг Қуллуқшод маҳалласида яшовчи фуқаро«Cobalt» русумли машинани йўлнинг таъмирлаш ишлари олиб борилаётган қисмида тезликни оширган ҳолда бошқарган ва йўл чеккасига чиқиб кетиб, ЙТҲ содир этган.

Мазкур йўл транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Aниқланишича, Ҳайдовчи ёнидаги йўловчи машина ағдарилаётган вақтда тушиб қолишга улгурган. Ҳозирда ушбу йўловчи билан дастлабки суриштириув ишари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юнусободда «BMW» ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида 8 та автомобиль шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Олмазорда «Spark» дарахтга урилиши оқибатида ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳамда Ургутда «Жигули» бошқарувини йўқотган йигит велосипеддаги синфдошининг ўлимига сабабчи бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар