Ўзбекистонда ўзбошимча ва ноқонуний қурилган бинолар эгаси жавобгарликка тортилиши мумкин

Ўзбошимча ва ноқонуний қурилмаларга давлат томонидан бир марталик авф эълон қилинганди. Эндиликда бундай акция ўтказилмайди. Ўзбошимча қурилма эгаси эса жавобгарликка тортилиши мумкин, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Фото: ЎзА

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Мурод Файзуллаевнинг маълум қилишича, акция доирасида Тошкент шаҳридан 36 минг 568та мурожаат келиб тушган, шундан 71 фоизи ижобий ҳал этилган, 17 фоизи рад этилган, 12 фоизи субъектив ва объектив сабабларга кўра комиссия ишчи гуруҳи ўрганишида турибди.

«Акция тугаганига қарамай, 12 фоиз аризалар ҳокимликларда турганининг сабаби шундаки, Шайхонтоҳур туманида «Эски шаҳар» ҳудуди, Юнусобод туманида «Ҳасанбой» ҳудудида каналлар бор, бу каби ҳудудларда турган объектларга жавоб бериш ва ижобий ҳал қилиш имконияти йўқ. Эндидан ноқонуний қурилма аниқланганда, чора кўрилади. Буёғига акция бўлмайди, давлатнинг ерини асрашимиз керак. Aммо чора кўришдан олдин, биринчи галда тушунтириш ишлари олиб борилади», — деди Мурод Файзуллаев.

Бошқарма бошлиғига кўра, ноқонуний ҳолатлар аниқланиб кадастр хизматига мурожаат келиб тушса, жойига чиқиб вазият ўрганилади. Aгар объект ўзбошимчалик билан эгалланган бўлса, ҳолат юзасидан тегишли органларга хабар берилади ва таъсир чоралари кўрилади.

Таъкидланишича, 2020 йилда 676та ҳолат бўйича ишлар судга оширилган ва тақдимномалар киритилган. Масалан, Сергели тумани «Саватча» мааҳалласида 19та қурилма туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда жойларда бартараф этилган.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 20 апрелдаги «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган бир марталик афв муддати тугагани боис, эндидан ўзбошимча ва ноқонуний қурилмалар эгаси жавобгарликка тортилади.