Бўстонлиқда 85 гектардан ортиқ муҳофаза ҳудудларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлар аниқланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 85 гектардан ортиқ муҳофаза ҳудудларни ўзбошимчалик билан эгаллаганларга чора кўрилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, муҳофаза ҳудудидларидаги жами 1535 та ҳолатда 85,08 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонлари ва бинолар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилган. Хусусан, сув ва йўл бўйининг муҳофаза зонасидаги 576 та ноқонуний қурилмаларни ихтиёрий бузиш юзасидан мулк эгаларига огоҳлантириш хатлари берилган, 32,64 га ер майдонидаги 396 та ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича судларга даъво аризалар киритилган. Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 290 та ҳолатда 35,52 гектар ер майдони заҳирага қайтарилиб, 16,33 гектарда жойлашган 875 та ноқонуний қурилмалар буздирилган.

Бундан ташқари, «Угам» дарёси қирғоқларида жойлашган 136 нафар фуқаролар томонидан ноқонуний қуриб олинган 251 та темир каравот (тапчан), 44 та омборхона, сув насослари, тандир, 37 та ёзги ошхона, 47 та ҳожатхона, 28 та ҳовуз, қишки ошхона ва 6 та гаражлар буздирилган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, ўрганиш давомида 232 та деҳқон хўжаликлари томонидан ўз вақтида тўланмаган 110 миллион сўм солиқ тўловлари ундирилган. Биргина, дарёнинг «Беш тут» маҳалласидан оқиб ўтган қисмидаги муҳофаза зонасида фуқаро Қ.Мухторов томонидан ноқонуний равишда 0,02 га ер майдони девор билан ўраб олиниб, ўзбошимчалик билан 2 та бостирма, 1 та ошхона қуриб олинганлиги аниқланиб, ноқонуний қурилмалар бузилиб, ер майдони туман заҳирасига қайтарилган.

Шу билан бир қаторда тадбир давомида туман ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги 97 та ноқонуний қарорлари аниқланиб, прокурор протести асосида бекор қилиниши ҳамда 111,8 гектар ерларни заҳирага қайтарилиши таъминланган.

Маълумот ўрнида, юқоридаги ҳолатлар Президентининг 2020 йил 27 августдаги «Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида туманнинг «Чимён», «Хўжакент», «Сойлиқ» ва «Н0авобод» ҳудудлари ҳамда «Чирчиқ» ва «Угам» дарёларининг муҳофаза минтақасидаги турар ва нотурар объектлар хатловдан ўтказилган.

Аввалроқ Бўстонлиқдаги ноқонуний қурилишлар юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилиб, 10 киши қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди.