Ўзбекистонда тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби ўзгарди

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда «Norma» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Бунга кўра, малака тоифасини олиш ҳамширалик иши мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ёки фармацевтика ходимлари учун ихтиёрий бўлади. Шифокорлар ҳар 5 йилда малака тоифасини олиш бўйича мажбурий аттестациядан ўтказилади. Шифокорларга қулайлик яратиш ва аттестацияни шаффоф ўтказилишини таъминлаш учун аттестация жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади, шунингдек, онлайн тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида трансляция қилинади.

Малака тоифасини олиш учун ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар электрон почта орқали ҳам тақдим этилиши мумкин, бунда талабгор аттестацияга иштирок этиш учун келганида ҳужжатларнинг қоғоз нусхаларини тақдим этиши талаб этилмайди. Электрон шаклда тақдим этилган ариза ва унга илова қилинаётган ҳар бир ҳужжат алоҳида файл кўринишида бўлиши ҳамда ҳар бир файл ўлчами 10 мегабайтдан ошмаслиги лозим.

Шунингдек, аттестация ўтказиш учун врач ва фармацевт талабгорлардан ҚҚС билан 2 БҲМ миқдорида тўлов ундирилади. Аттестациядан ўтказиш учун бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари, ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимларидан тўлов ундирилмайди.

Сертификатнинг электрон шакли ҳисобга олиш серияси, ҚР-коди ва тартиб рақамига эга бўлади. Электрон ҳамда қоғоз шаклда берилган сертификатлар тенг юридик кучга эга ҳисобланади. Тиббиёт ходимларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги низомга бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбарларини аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқлангани ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар