«Янгиқўрғоннинг мева-сабзавотчилик экспорти кўрсаткичи ачинарли аҳволда». Наманган ҳокими тумандаги аграр соҳа фаолиятини танқид қилди (фото)
Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 15 август куни Янгиқўрғон тумани «Туркистон» агрофирмаси ҳудудидаги токзор ва боғ эгалари билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, туман бўйича ердан фойдаланувчи 947 нафар соҳибкор ихтиёрида 21 074 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, 7771 гектари экин, 13 303 гектари эса боғ ва узумзорлардан иборат. Сўнгги йилларда туманда аграр соҳани ислоҳ қилиш ва унга бозор механизмларини жорий этиш борасида изчил чора-тадбирларга астойдил киришилган. Камҳосил боғ-роғлар ўрнида экспортбоп, сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.
Бироқ, шунга қарамай, вилоят ишчи гуруҳи томонидан ҳозиргача ўрганилган ҳудудларда 1103 гектар бесамара боғ, 261 гектар самарасиз токзор, 215 гектар ноқонуний боғ, 15 гектарда қонунга зид қурилишлар аниқланиб, судга даъво аризалари киритилган. Шунингдек, ҳудуддаги 14 минг гектарга яқин боғдорчилик майдонининг 30-40 фоизи қаровсиз, иқтисодий жиҳатдан самарасизлиги боис уларни хатловдан ўтказиб, ўрнида янги интенсив боғларни ташкил этишга диққат қаратилди, дейилади хабарда.
«Катта имкониятга эга Янгиқўрғонда бор-йўғи минг гектардан ошиқ интенсив боғ мавжудлигини қандай изоҳлаш мумкин? Аксарият боғ, токзору майдонларга хўжасизларча муносабат, ачинарли манзара кўзга ташланади. Биргина Фарғона вилоятининг мева-сабзавотчиликдаги экспортининг 50 фоиздан ортиғи Олтиариқ тумани ҳиссасига тўғри келади, вилоятимизнинг бу борадаги йўналишида эса Янгиқўрғоннинг кўрсаткичи жудаям ачинарли аҳволда», — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Савол-жавоблардан иборат ва танқидий, таҳлилий мулоқотда вилоят раҳбари соҳада, айниқса, мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантиришда серунум бозор механизмлари тизимли йўлга қўйилмаганлиги, илмий ёндашувнинг етарли эмаслиги тармоқнинг потенциалларидан тўлиқ фойдаланилмаслигига олиб келганлигини таъкидлаган. Шу туфайли вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан бесамар фойдаланиб келинаётган, бошқа экин турларига айлантирилган ерларни қонун асосида давлат захирасига ўтказиш ва очиқ танловлар натижасига кўра замонавий боғ ва токзорлар яратишга бел боғлаган деҳқон ва тадбиркорларга бериш назарда тутилган.
Аввалроқ Наманганда мева-сабзавотларни Италия технологияси асосида қайта ишлаш корхонаси ишга тушиши, россиялик инвестор томонидан қиймати 1 миллион долларлик замонавий текстиль корхонаси барпо этилиши ҳамда қиймати 800 минг доллар бўлган 120 ўринли дам олиш маскани қурилиши ҳақида хабар берилганди.