Риштонда «Ўзбек-тожик» дўстлик жамиятининг очилиш маросими бўлиб ўтди (фото)

Фарғона вилояти Риштон туманида 15 октябрь куни «Ўзбек-тожик» дўстлик жамиятининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Риштон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, очилиш маросимида Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имоми, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозoров, Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиев, туман ҳокими ўринбосарлари ва туман фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Фото: Риштон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маросимда тумандаги 29-мактаб ўқувчилари тожик тилида шеър айтди. Шундан кейин маросим иштирокчилари дўстлик жамиятида яратилган шароитлар билан танишди. Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имоми жамият қошида ташкил этилган кутубхонага тожик тилида нашр этилган китоблар ва эсдалик совғаларини берди. Ўз навбатида, Фарғона вилоят ҳокими ва Риштон тумани ҳокими ҳам фахрли меҳмонга эсдалик совғалар топширди.

Фото: Риштон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, «Ўзбек-тожик» дўстлик жамияти биноси 1980 йилда Собиқ «Райпотребсоюз» (ҳозирги «Матлуботсавдо» жамияти) томонидан қурилган. Бинода «296-ХИКМК» масъулияти чекланган жамият корхонаси томонидан реконструкция ишлари амалга оширилди. Мазкур бинода «Ўзбек-тожик» дўстлик жамияти ташкил қилиш мақсадида 2020 йил 21 май куни Aдлия бошқармаси томонидан «Ўзбек-тожик» дўстлик жамияти номи билан рўйхатдан ўтказилган.

Фото: Риштон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Марказда икки миллат вакиллари орасидан етишиб чиққан ёзувчи ва шоирлар асарларидан иборат китоблар кўргазмаси ҳамда кутубхона, икки халқ анъаналарига асосан амалий санъат намуналари (кулолчилик, мисгарлик, ганчкорлик ва бошқа) ҳунармандчилик музейи, тожик тили ўрганиш курси, ўзбек-тожик мусиқа ва рақс гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди.

Бинонинг асосий зал қисмида икки миллат вакилларидан тарихий дўстлигини ифодаловчи буюк ёзувчилар, шоирлар, фан ва маданият ходимларининг портретлари ҳамда уларнинг ижодларидан намуналар, тасвирий санъат асарлари ҳамда халқ амалий санъати намуналаридан иборат кўргазмалар ташкил этилди.

Фарғона вилояти ва Тожикистоннинг асосий мақсади аҳолиси, жамоат ташкилотлари ва корхоналари ўртасида маданий, маърифий, иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни шакллантириш ва ривожлантиришдан иборат.

Фото: Риштон туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Жамият ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун қуйидаги вазифаларини амалга оширади:

  • Ўзбекистоннинг маданий, илмий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги ютуқларини Ўзбекистон ва Тожикистон давлатлари ҳудудларида ўтказиладиган кўргазмаларда намойиш этиш, фуқаролар, жамоатчилик вакиллари ва Жамиятларининг режалаштирилган учрашувларини ташкил қилиш йўли билан тарғиб қилиш;
  • Фарғона вилояти ва Тожикистон ҳудудлари ўртасида биродарчилик алоқаларини ўрнатиш бўйича давлат бошқаруви ва ижро органлари ва Тожикистоннинг Ўзбекистондаги расмий ваколатхоналарига таклифлар киритиш;
  • Тожикистон саноат корхоналари билан хамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва инвестиция жалб этиш;
  • Тожикистон давлатининг олийгоҳлари билан қишлоқ хўжалик ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
  • тожик тили, тарихи ва маданиятини ўрганиш бўйича таълим дастурлари, муассасалар ва мустақил тўгараклар ташкил қилиш;
  • Ўзбекистон фуқароларнинг Тожикистон давлатига туристик саёҳатларини ҳамда Тожикистон фуқароларининг Ўзбекистонга маданий саёҳатларини ташкил қилишда кўмаклашиш;
  • Ўзбекистон иқтисодиётида Тожикистоннинг илмий ва техникавий ютуқларидан фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ва уларни таҳлил қилиш;
  • Тожик тадбиркорлари учун Ўзбекистон иқтисодиёт тармоқларига маблағ қўйиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишда кўмаклашиш;
  • Ўзбек халқ хунармандчилигини ривожлантиришга ҳамда Ўзбекистон фуқароларига тожик усталарининг халқ ҳунармадчилигини ўзлаштиришларига кўмаклашиш;
  • ўзаро илмий, ўқув-методик материаллар алмашинувини ҳамда соҳага оид тажрибаларни оммалаштиришни ташкил этиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва мазкур уставдан келиб чиқадиган бошқа мақсад ва вазифалар билан шуғулланиши мумкин.

Очилиш маросимидан сўнг вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Содиқ Имомилар Риштонда тожикистонликлар томонидан қурилаётган мактабгача таълим ташкилотига ҳам ташриф буюрди.

Aввалроқ Шуҳрат Ғаниев Риштондаги қурилиши тугалланган ўзбек-тожик «Дўстлик уйи» билан танишгани ҳақида хабар берилганди. Унда вилоятнинг собиқ ҳокими «Дўстлик уйи» иш фаолияти режасига таклифлар киритган. Шунингдек, у муассасанинг маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозимлигини таъкидлаган эди.

Янгиликлар