Фарғонада хўроз уриштириш учун «арена» ташкиллаган эркакка жиноят иши қўзғатилди

Фарғона шаҳридаги миллий ўйинлар ўйингоҳида хўроз уриштириш учун «арена» ташкил этган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида 5 ноябрь, пайшанба куни вилоят Ички ишлар бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро М.Н. ўзига тегишли бўлган Ёруғлик кўчасида жойлашган миллий ўйинлар ўйингоҳида қонунга хилоф равишда «хўрозлар жанги»ни ташкил этганлиги аниқланган. Ўйингоҳда 11 дона хўроз ва 1 миллион 34 минг сўм пуллар далилий ашё тариқасида олинган.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар Ички ишлар органалари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро А.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Самарқандда хўрозларни пул тикиб уриштириш учун тузилган «арена» фош этилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Наманганда уйида қиморхона ташкил қилган аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.