Тошкентда суд хотинига боласининг ахлатини едирган эркак ишини кўриб чиқди

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманининг Жиноят ишлари бўйича суди ўз хотинига боласининг ахлатини едирган эркак ишини кўриб чиқди. Бу ҳақда «Тошкент» телеканалининг репортажига асосланиб, «Podrobno» маълум қилди.

Фото: «НеМолчи»

Таъкидланишича, октябрь ойида ижтимоий тармоқларда ўз хотинига боласининг ахлатини едирган эркакн видеоси тарқалган эди. Эркак вояга етмаган қизига мажбуран ҳолатни видеога олдирган. Аёл шу куни уйдан қочиб чиқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Шундан сўнг жабрланувчи органларга эри ўзини ва вояга етмаган болаларини 14 йил давомида психологик ва жисмоний зўравонликларга дучор қилганини айтган. У ажрашмоқчи бўлганида эри доимо унга ёки болаларига бирор нима қилишини айтиб, таҳдид қилганини очиқлаган.

Қайд этилишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганиб чиқиб, оилани «темир дафтар»га киритган. Шундан сўнг 7 октябрь куни Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан аёлга «ҳимоя ордери» берилган. Унга етказилган жароҳатларнинг оғирлигини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Шунингдек, жабрланувчи ва унинг вояга етмаган икки нафар фарзанди — 2008 йида туғилган қизи М.О. ва 2017 йилда туғилган қизи И.И.га тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳар реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилган.

Хабарга кўра, жабрланувчининг турмуш ўртоғи хонадонида тинтув ўтказилганда кучли таъсир қилувчи дориларнинг бўш шишалари топилган. Тергов натижаларига кўра, у узоқ вақт давомида турли хил кучли дориларни истеъмол қилган.

Ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, материаллар Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича судига ўтказилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрида хотинига боласининг ахлатини едирган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек Самарқандда аёлига памперс едириб, аёвсиз калтаклаган эрга чора кўрилган.