Қишлоқ хўжалиги вазирига ўринбосарлар тайинланди
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 15 cентябрь, сешанба куни Президент Aдминистрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирига тўрт нафар ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда ЎзA хабар қилди.
Маълум қилинишича, вазирга ерлардан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, молиявий ва иқтисодий, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ўринбосарлар тайинланган.
Қайд этилишича:
- Мақсуд Рўзметов қишлоқ хўжалиги вазирининг Ерлардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди;
- Саидкамол Хўжаев қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — Озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди;
- Шуҳрат Мирзаев қишлоқ хўжалиги вазирининг Молиявий ва иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди;
- Ботиржон Сулаймонов вазирнинг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш бўйича ўринбосари — Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори этиб тайинланди.
Аввалроқ Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосар, Ёшлар ишлари агентлиги Наманган, Самарқанд, Бухоро вилоятлари бошқармасига ва Қўрғонтепа, Шаҳрихон туманлари бўлимига янги раҳбарлар тайинлангани ҳақида маълум қилинган эди.