Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармасига раҳбар тайинланди
Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи этиб Тоҳиржон Каримов тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тоҳиржон Каримов 1985 йилда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. 2007 йилда Тошкент ислом университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2007 йилда хусусий тадбиркорликдан бошлаган. 2011 йилдан 2016 йилгача вилоят ҳокимлиги умумий бўлимида иш юритувчи вазифасида меҳнат қилган.
Хабарда айтилишича, 2016 йилдан то ҳозирга қадар вилоят ҳокимлиги девонхона бўлими етакчи мутахассиси лавозимида ишлаб келган. Тоҳиржон Каримов Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг 2020 йил 17 августдаги буйруғи билан агентликнинг Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.
Маълумот учун, Ёшлар ишлари агентлиги Президентнинг 2020 йил 30 июндаги фармони билан ташкил этилган бўлиб, ёшлар билан боғлиқ соҳаларда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш асосий вазифаси этиб белгиланган.
Аввалроқ Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасига Ҳусан Тўхтаев бошлиқ ва Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигига директор этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.