Каттақўрғон шаҳрида 800 дан ортиқ ёшнинг ишсизлиги маълум бўлди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида 800 дан ортиқ ёшнинг ишсизлиги маълум бўлди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, шаҳар ҳокимлигида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бўлими, маҳалла вакиллар, 1-сектордаги Ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган.
Хабарга кўра, сўзга чиққан ҳоким Гавҳар Олимова Шавкат Мирзиёев томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, хусусан, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган «аёллар дафтари» ҳамда «ёшлар дафтари» ҳақида шаҳарда тизимли ишларни йўлга қўйиш бўйича ўз тавсияларини берган.
Сўнгра сўзга чиққан Ёшлар агентлиги шаҳар бўлими раҳбари амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берган.
Таъкидланишича, 10 октябрь ҳолатига кўра, хонадонма-хонадон юриб олиб борилган ўрганишлар натижасида 4 та сектор кесимидаги 36 та маҳалла бўйича 804 нафар ёшнинг ишсиз эканлиги аниқланган. Лекин уларнинг 363 нафар ёш ўз хоҳишларига кўра «ёшлар дафтари»га киритилишидан бош тортган ҳамда 441 нафар ёш «ёшлар дафтари» рўйхатига киритилган.
Йиғилишда дафтарларни юритиш тартиби, рўйхатлари шакллантирилган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ва ишсиз ёшлар билан олиб бориладиган ишлар таҳлил қилинган.
Бундан аввал Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» шакллантирилиши ҳақида хабар қилинган эди.