Ўзбекистоннинг қайси вилоятида энг кўп уй сотиб олинганлиги маълум қилинди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази кўчмас мулк бозорида талабнинг ўзгаришига оид таҳлилни маълум қилди. Бу ҳақда UzNews хабар берди.

Маълум бўлишича, коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар, республика кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7 фоизга ошиб борган. Тошкент ва Тошкент вилояти кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 фоизини ташкил этган.

Шунингдек, 2021 йил январь ойида республика бўйича расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 2020 йил январь ойига нисбатан 17,9 фоизга ошган. Кўчмас мулк бозорининг 30 фоизидан ортиғини эгаллаган Тошкент шаҳрида эса ушбу кўрсаткич 26,9 фоизни ташкил этган.

Таъкидланишича, ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Бухоро, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида кузатилган. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони эса 2020 йил январь ойига нисбатан камайган.

Янгиликлар