Қорақалпоғистонда поликлиника ходимига «Nexia-3»ини ювдирган мудира жаримага тортилди

Ижтимоий тармоқларда 16 ноябрь, душанба куни Қорапалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги тиббиёт бирлашмасида оқ халат кийган ходим «Nexia-3» машинасини юваётгани акс этган сурат тарқалганди.

Фото: «Troll.uz»

Блогер Хушнуд Худойбердиевнинг ёзишича, Тўрткўл тумани тиббиёт бирлашмаси 2-сон кўп тармоқли поликлиникасининг бўлим мудираси Е.Б. иш жараёнида ўзига тегишли бўлган автомашинани шу поликлиникада фаррош бўлиб ишловчи К.Г.га тозалатган.

Фото: «Troll.uz»

Шунга кўра, Е.Б. Меҳнат кодексининг 177-моддаси иккинчи қисмидаги талабларини бузганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига асосан туман Давлат меҳнат ҳуқуқи инспектори томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жарима солинган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 12 ноябрь куни имзоланган фармонда тиббиёт ходимларини учрашув ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқлангани белгиланган.

Aввалроқ интернетда Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги поликлиникада тиббиёт ходимлари бош шифокор машинасини юваётгани тўғрисида хабар тарқалганди. Кейинчалик поликлиника бош врачи ўринбосари Ойдин Холмуродова вазият юзасидан изоҳ бериб, шифокорлар машинани ювмаганини, фақатгина хас-чўплардан тозалаганини айтган.