Поликлиника «главврач»и машинасини ювган шифокорлар ҳақидаги хабарга изоҳ берилди

«Замон» информацион дастури мухбири 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган «Янги Ўзбекистонда ҳамшира ва шифокорлар бош врач машинасини ювади» сарлавҳали пост юзасидан ўрганиш ўтказди.

Фото: Telegram

Таъкидланишича, ушбу постда айтилган ҳолат Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги 33-оилавий поликлиникада юз берган. Суратда оқ халатдаги тиббиёт ходимларининг машина устини артаётганини кўриш мумкин.

Дастур мухбири ҳолат юзасидан бош врач ўринбосари Ойдин Холмуродовадан изоҳ сўраганда мутахассис ушбу маълумот ёлғон эканлигини, шу пайтга қадар шифокор ва ҳамширалар машина ювиш ишларига жалб қилинмаганини таъкидлаган. Маълум бўлишича, машина, ҳақиқатан ҳам, бош врачга тегишли. 13 ноябрь куни эса тиббиёт ходимлари поликлиниканинг орқа ҳовлисида тозалаш ишларини олиб борган. Шундан сўнг шифокорлар супургидан тўкилган хас-чўпларни қўл билан тераётганда кимдир суратга олиб, тармоққа жойлаган.

«Лекин суратга эътибор бериб қаралса, оқ халатдаги тиббиёт ходимлари машина устини артаётганини кўриш мумкин. Эътиборлиси, машина ёнида челак ҳам бор», дейилади хабарда.

Aввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бўстонлиқда коронавирусдан вафот этган 11 ёшли бола ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, Aсакада касалхонада навбатчилик қилаётган тиббиёт ходимлари иш пайтида ухлаб қолгани акс этган видео юзасидан баёнот берилган.

Янгиликлар