ССВ Бўстонлиқда коронавирусдан вафот этган 11 ёшли бола ҳақида маълумот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида коронавирусдан вафот этган 11 ёшли фуқаро М.Ў. тўғрисида маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, бемор 5 cентябрь куни эрталаб соат 08:00 да туман тиббиёт бирлашмаси қабул бўлимига тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонага келган беморда бурундан қон кетиши, тана ҳароратининг 38 даражага кўтарилиши ҳамда нафас сиқиши кузатилган. Беморнинг кўкрак қафаси рентген қилинганда 50 фоиз зарарланиш аниқланган.

Маълумот ўрнида, бола 2012 йилдан буён сурункали гломерулонефрит, нефротик шакли, сурункали буйрак етишмовчилиги, камқонлик ва семизликнинг учинчи даражаси ташҳиси билан диспансер назоратида турган ва ногиронлик нафақасини олиб келган. Тошкент тиббиёт академиясининг болалар нефрология бўлимида юқоридаги ташҳис билан йилига 2 марта стационар шароитда даволаниб турган. Бемор сўнгги бор 2020 йил 11—20 июлда Чирчик шаҳридаги Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимида даволанган.

Бемор Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасида инфекционист, реаниматолог, педиатр шифокорлари томонидан консилиум қилинган ва унга коронавирус ташҳиси қўйилиб, тезкор тартибда Чирчиқ шаҳридаги соҳага ихтисослашган шифохонага келтирилган.

Кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор сурункали гломерулонефрит, буйрак етишмовчилининг терминал босқичи, семизлик ва анемиянинг учинчи даражаси, икки томонлама пневмониянинг оғир шакли натижасида вафот этган.

Aввалроқ Ўзбекистонда 17 сентябрь куни 599 кишида коронавирус қайд этилгани, ҳамда вафот этганлар орасида 11 ёшли бола ҳам борлиги хабар берилганди.

Янгиликлар