ФВВ тизимидаги икки нафар ходим коронавирус оқибатида вафот этди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 14 сентябрь, душанба куни тизимдаги икки нафар ходимининг коронавирус оқибатида вафот этганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қўнғирот тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи подполковник Куанишбай Aкимов ҳамда Хоразм вилояти ФВБ Қўшкўпир тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи майор Дониёр Жаббаровнинг вафоти муносабати билан марҳумларнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.

Вазирлик хабарига кўра, шу кунга қадар ушбу ходимларнинг коронавирус инфекцияси билан хасталаниб, шифохонага ётқизилганлиги маълум бўлган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, подполковник Куанишбай Aкимов 20 йилдан ортиқ муддат давомида Қорақалпоғистон Ёнғин хавфсизлиги бошқармасида турли лавозимларда хизмат қилиб келган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Майор Дониёр Жаббаров ҳам вазирлик тизимида 2005 йил апрел ойидан буён турли лавозимларда хизмат қилган.

«Юқорида номлари тилга олинган ходимларимиз, афсуски, кўринмас ёвга қарши курашиб, халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида ўз хизмат бурчини бажариш чоғида ушбу касалликни юқтириб олганлар.

Улар сўнгги нафасига қадар эл-у юрт манфаатлари йўлида садоқат билан хизмат қилиб, инсонларнинг тинч, хотиржам ва фаровон ҳаёти учун ширин жонларини аямадилар. Кўрсатган фидойиликлари ва матонати асло хотирамиздан ўчмайди», — дейилади хабарда

Aввалроқ Тошкент вилояти прокуратураси катта терговчиси Турғун Камолов, Aндижон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Бахтиёр Патиддинов, Тойлоқ тумани прокурори Фарход Абдухоликов, «чинозлик Аҳмадбой» устидан ҳукм чиқарган судья Хайриддин Шермуҳамедов коронавирус оқибатида, «Ўзбектуризм» раисининг биринчи ўринбосари ва Қарши прокуратураси ходими пневмониядан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар