Румий мероси, мавлавия мактаблари ва Ўзбекистонга бориш орзуси — Мавлононинг 22-авлоди Эсен Челеби билан учрашув

Туркияда Жалолиддин Румий хотирасига бағишлаб ўтказиладиган «Шаби арус» маросими олдидан бир гуруҳ хорижий ва ўзбекистонлик журналистлар Коня ва Истанбул шаҳарларига таклиф қилингани ҳақида хабар берилганди. Конядаги хотирлаш маросими олди тадбирлари доирасида журналистлар учун Румийнинг 22-авлоди Эсен Челеби хоним билан учрашув ўтказилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қайд этилишича, бу галги «Шаби арус» тадбирлари коронавирус пандемияси муносабати билан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда. Шу муносабат билан журналистлар учун Мавлоно меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бир неча йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган олим, Мавлоно Румийнинг 22 авлоди Эсен Челеби хоним билан учрашув ташкиллаштирилган.

Мулоқот давомида журналистлар унинг ҳаёти, олиб борган тадқиқот ва тарғибот ишлари билан қизиққан. Шунингдек, Румий ижоди билан боғлиқ айрим саволларига жавоб олган.

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Суҳбат бавомида Эсен Челеби хоним Румий авлоди бўлиши у учун юксак шараф эканлиги, шу боис, болалигидан буюк бобосининг меросини чуқур ўрганиш учун Истанбул университетининг адабиёт факультети араб-форс филологияси бўлимида таҳсил олганлиги ҳақида гапирган. Шунингдек, имкон қадар Мавлононинг ижодини тарғиб қилишга ҳаракат қилганини, дунёнинг ўнлаб мамлакатларида турли учрашувларда илмий анжуманларда қатнашганини ва қаерга борса, иззат-икром билан қаршиланганини айтган.

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Румий ҳазратлари ўз умри давомида фақат эзгуликка, ҳамжиҳатликка даъват этди. ‘Инсонларнинг кўзлари ранги ҳар хил бўлиши мумкин, аммо кўз ёшлар ранги бир хилдир’ деган эдилар ҳазрати мавлоно. Яъни инсонлар қайси миллатга, қайси динга ёки ирққа мансуб бўлишидан қатъи назар унинг қалби, дард-аламлари, қувонч ва ташвишлари бир хилдир. Афсуски, бу ҳақиқатни илм-фан тараққий этган бугунги кунимизда ҳам инсоният англаб етгача йўқ. Заминнинг турли ҳудудларида турли низолар давом этмоқда. Ҳолбуки, инсонлар баъзан бир нарсани исташади, аммо бир-бирларини тушунишмайди», — дейди Румийнинг 22-авлоди.

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Эсен Чалаби хонимнинг айтишича, унга Румийдан моддий мерос қолмаган. Мавлононинг бош мавлавийхонасида асрлар бўйи сақланиб келганини, ҳазратга тегишли бўлган барча ашёлар бугун шу ерда, Мавлоно музейида сақланаётганлигини маълум қилган. Шу билан бирга, Румийдан қолган маънавий меросга эса, нафақат у, балки барча инсонлар ворис эканлигини таъкидлаган.

«Мавлононинг ижоди назарий жиҳатдан Шарқ ва Ғарбда етарлича ўрганилмоқда. Бир пайтлар дунёнинг турли ҳудудларида юзлаб мавлавийхоналар, мавлавия мактаблари фаолият кўрсатган. Аммо мавлавийлик ўчоғи бўлган бўлган хонақоҳлар бугун барча ҳудудларда ўз фаолиятини тўхтатган», — дея сўзлайди хоним.

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Фото: «Tez News»/Шоҳруҳ Ҳайдаров

Шунингдек, у учрашув давомида Ўзбекистонга ҳалигача бормаганидан афсусдалигини, бу орзуси эканлигини, аммо тез орада бу нияти амалга ошишини айтган.

«Ўзбекистон жуда гўзал ва қадимий диёр. Бу юртда ҳазрати Мавлонони қанчалик севишларидан, бу улуғ зотнинг меросини ўрганиш бўйича олиб борилаётган ишлардан хабарим бор. Афсуски, Ўзбекистонга ҳозирга қадар бориш насиб этмади. Аммо тез орада бу орзумни амалга ошириш истагидаман», — дейди Эсен Челеби.

Янгиликлар