Туркиядаги салкам 100 йиллик тарихга эга Мавлоно музейига фотосаёҳат
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган «Шаби арус» тадбирларида қатнашиш учун 14–20 декабрь кунлари бир гуруҳ хорижий ОАВ вакиллари, ўзбекистонлик журналистлар қаторида «Tez News» мухбирини ҳам таклиф этди. Олти кун давомида улар Туркиянинг Коня ва Истанбул шаҳарларидаги тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, маданият марказлари ҳамда Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодига оид манбалар билан яқиндан танишади.
Туркияда ҳар йили буюк шоир, мутафаккир Мавлоно Жалолиддин Румийнинг вафот этган кунида «Шаби арус» маросими ўтказилади. Бунинг келиб чиқиши эса бевосита Румий ҳаёти билан боғлиқ. Яъни ривоятларда айтилишича, Мавлоно Румий вафот этаётган чоғида унинг шогирдлари, мухлислари қайғуга тушади. Шунда Мавлоно уларнинг хафа бўлмасликларини, бу аза эмас, балки тўйлигини ва дўст васлига етишиш учун кетаётганлигини айтади. Бу воқеа милодий 1273 йил 17 декабрда юз берган ва орадан салкам етти ярим аср ўтса ҳамки Мавлоно Румийнинг издошлари бу кунни «Дўст ҳузурига сафар» тантанаси сифатида нишонлайди. Мавлавия тариқатида бу маросим «Шаби арус» деб номланади. Бу сўз таржима қилинганда, «тўй оқшоми», «висол кечаси» каби маъноларни англатади.
Таъкидланишича, Коня шаҳрида ушбу тадбир алоҳида тайёргарлик билан ўтказилади. Дунёнинг турли ҳудудларидан Мавлоно Румийнинг ихлосмандлари Мавлавия тариқати вакиллари, олим ва мутахассислар, санъат ва маданият намояндалари тўпланади. Румий ҳаёти ва ижодининг инсоният тараққиётидаги ўрнига бағишланган анжуманлар ўтказилади.
«Шаби арус» маросими олдидан хорижий ва ўзбекистонлик журналистлар, дастлаб, Коня шаҳридаги Мавлоно музейи (мақбараси) билан танишди. Қайд этилишича, мақбара шаҳарнинг марказида жойлашган. Ундаги қабр 1274 йилда Жалолиддин Румий номига қурилган. Кўп йиллар давомида мақбарага қўшимчалар киритилган, таъмирдан чиқарилган ва у ҳозирги шаклини олган. Мавлоно мақбараси ҳар доим Конянинг қадимий ва асосий қадамжоларидан бири бўлиб келган.
Бугунги кунда Мавлоно музейи сифатида фойдаланиладиган бино Салжуқийлар даврида саройнинг Aтиргул боғи сифатида ишлатилган. Кейинчалик ушбу иншоот Ал ад-Дин Кейкубад томонидан қурилган ва Румийнинг отасига берилган. Отаси вафот этганидан сўнг кўп одамлар унинг қабрини мақбара сифатида қуришни хоҳлашади. Аммо Румий ҳар доим бу илтимосларни рад этиб, осмон гумбазидан яхши зиёратгоҳ йўқлигини айтади. 1273 йил 17 декабрда Мавлоно вафот этганида унинг ўғли Султон Валад бу жойни мақбарага айлантиради.
Фақатгина қабрдан иборат бўлган ушбу бино 1926 йилдан кейин музей сифатида очилган. 1954 йилда қайта кўриб чиқилиб, Мавлоно музейи дея номланган. Унинг майдони ўз боғи билан 6500 квадрат метрни ташкил этади.
Музейда 6 та бўлим мавжуд. Улардан биринчиси — қироат хонаси. Бу Қуръонни чиройли овозда ва тўғри ўқишни англатади. Ушбу хонада Қуръон ўқилганлиги сабабли шундай номланган. Шунингдек, музейда дарвеш буюмлари, қимматли ва тарихий қўлёзмалар, Румийнинг кийимлари ва сабр тошлари, 3D форматдаги ҳайкаллар ҳам бор.
Маълумот учун, музейга кириш 2014 йилгача маълум бир ҳақ эвазига амалга оширилган. Бироқ 2014 йилдан бугунги кунга қадар музей бўйлаб саёҳат қилиш бепул. Бундан ташқари, ушбу тарихий бино Яшил гумбаз номи билан ҳам машҳур.