Наманганда Кореяга ишга юбораман деб, фуқароларни 11,5 минг долларга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилди

Наманганда Кореяга ишга юбораман деб, бир қанча фуқарони жами 11,5 минг долларга «ухлатган» шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 11 cентябрь куни Aндижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Маълум қилинишича, у аризасида 2019 йил август ойида Чуст туманида яшовчи шахс уни ва бошқа фуқароларни Корея давлатига ишга юбораман деб, улардан жами 11, 5 минг долларни олиб, ҳозирги кунга қадар алдаб келаётганлигини маълум қилган ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми қайд этилган жиноятни содир этган шахс муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ стюардессаликка жойлаш эвазига аёлни 1000 долларга «ухлатган» андижонлик йигит қўлга олингани, Бухорода фотомоделликни таклиф қилиб, қиздан алдов йўли билан 650 минг сўм олган «фотограф» қўлга тушгани ҳамда Aндижонда фуқарога 20 миллион сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгар ушлангани ҳақида хабар қилинганди.