Бокс, футбол, MMA. Instagram’да энг кўп обуначига эга ўзбек спортчилари рейтинги
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолгани сир эмас. Ҳар ким улардан ўзига хос услубда фойдаланади. Бугун кўпчиликнинг ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаси мавжуд. Оддий одамлардан тортиб спортчилар, санъаткорлар, сиёсатчиларгача.
Ижтимоий тармоқларда саҳифа эгасининг ҳаёт тарзи, фаолияти бир мунча акс этади. Айниқса, жамиятга ўз фаолияти билан таъсир ўтказа оладиганларнинг кузатувчилари, мухлислари ҳам кўп бўлади. Бугун «Tez News» Instagram тармоғида фаол ва энг кўп фойдаланувчиларга эга ўзбек спортчилари рейтингини ҳавола этади.
Рейтингимиздан, асосан, боксчилар, футболчилар ва аралаш жанг спорти усталари ўрин олган.
Рейтингимизнинг биринчи поғонасида профессионал боксда фаолият олиб бораётган Шоҳжаҳон Эргашев бормоқда. АҚШда фаолият юритаётган ўзбекистонлик спортчининг Instagram саҳифасида 1,5 миллиондан ортиқ обуначи бор.
Иккинчи поғонани ҳам боксчи эгаллаган. Шоҳжаҳон Эргашев билан бир хил вазн тоифасида фаолият юритадиган, 2016 йилги Рио олимпиадаси кумуш медаль соҳиби, ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Шаҳрам Ғиёсовнинг Instagram саҳифасини 1,2 миллиондан ортиқ обуначи кузатиб боради.
Рейтингнинг учинчи поғонасини UFC, ММА каби аралаш жанг турлари устаси бўлмиш Маҳмуд Муродов эгаллади. Унинг саҳифасини 1 миллиондан ортиқ обуначи кузатиб боради.
Маҳмуд Муродов Ўзбекистондаги илк UFC ва ММА жангчиси ҳисобланади.
Тўртинчи ўринда эса Рио–2016 баҳсларида олтин медални қўлга киритган боксчи, ҳозирда профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Фазлиддин Ғойибназаров бормоқда. Унинг номидаги Instagram саҳифада 645 мингдан ортиқ кузатувчи бор.
Боксчи ҳозирда АҚШда фаолият олиб бормоқда. Профессионал рингда жами ўнта жанг ўтказиб, тўққизтасида ғалаба қозонган ҳамда бештасини нокаут орқали қўлга киритган.
Яна бир аралаш жанг устаси, MMA жангчиси Мурод Хонтўраев рейтингнинг бешинчи поғонасини забт этди. У юритаётган саҳифани 562 мингдан ортиқ одам кузатиб боради.
Декабрь ойида навбатдаги жангини ўтказган профессионал боксчи, ўта оғир вазн тоифасида фаолият юритаётган Баҳодир Жалолов рейтингнинг олтинчи ўрнида турибди. Боксчининг Instagram саҳифасини 494 мингдан ортиқ киши кузатиб боради.
Баҳодир Жалолов олтита жанг ўтказиб, уларнинг барчасини нокаут орқали ғалаба билан якунлаган.
Еттинчи ўриндан яна бир боксчи ўрин эгаллади. Профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Исроил Мадримовнинг Instagram саҳифасини 474 мингдан ортиқ обуначи кузатиб бормоқда.
Актёр ҳамда бодибилдинг устаси, ёшлар мураббийси Ҳабибулло Низомов рейтингимизнинг саккизинчи поғонасини забт этди. Унинг Instagram саҳифасида 416 мингдан ортиқ обуначи бор.
Низомов Ўзбекистондаги илк бодибилдингчилардан биридир.
«Manny HASAN PACQUIAO Pacman» номи остида Instagram саҳифа юритаётган Рио–2016 олтин медали соҳиби, енгил вазнда фаолият олиб бораётган боксчи Ҳасанбой Дўсматов тўққизинчи ўринда. Унинг саҳифасини 402 мингдан ортиқ обуначи кузатиб бормоқда. Саҳифасидан билишимиз мумкинки, боксчи афсонавий Менни Пакьяонинг мухлиси экан. Унга ҳам кумири сингари ғалабалар тилаб қоламиз.
Ўзбек боксининг афсонаси, WBA йўналиши бўйича икки карра жаҳон чемпиони, супер оғир вазн тоифасида фаолият олиб борадиган боксчи Руслан Чагаев рейтингимиз ўнталигини якунлаб беради. Унинг саҳифасини 273 мингдан ортиқ мухлис кузатиб боради.
Рейтингимизнинг қолган аъзолари қуйидаги тартибда жойлаштирилган:
- Боксчи Муроджон Аҳмадалиев – 270 мингдан ортиқ обуначи;
- Боксчи Бектемир Мелиқўзиев – 230 минг обуначи;
- Боксчи Санжар Турсунов – 137 минг обуначи;
- Футболчи, Италиянинг «Женоа» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов – 112 минг обуначи;
- Боксчи Иқболжон Холдоров – 88,9 минг обуначи;
- Футболчи Сардор Рашидов – 84,2 минг обуначи;
- 40 ёшдан ошса ҳам, ёш кўринадиган гимнастикачи Оксана Чусовитина – 75,3 минг обуначи;
- Боксчи, Рио–2016 олтин медали соҳиби Шаҳобиддин Зоиров – 75,3 минг обуначи;
- Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов – 63,4 минг обуначи;
- Боксчи Элнур Абдураимов – 54,6 минг обуначи;
- Футболчи Жалолиддин Машарипов – 54,4 минг обуначи.