Ўзбекистон чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати белгиланди
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида»ги Низомга қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» каналида хабар берилди.
Киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати белгиланди.
Булар:
- Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган мобиль алоқа операторлари хизматлари;
- Овқатланиш ҳамда санитар-гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият;
- Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси;
- Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш;
- Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати;
- Ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларини майда таъмирлаш ишлари ҳамда уларни эвакуация қилиш;
- Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш;
- Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш);
- Таржимонлик хизмати;
- Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкаларини тўлдириб бериш, турли компьютер хизматлари, факс, Интернет) хоналари;
- Такси чақириш хизматидир.
Пулли хизмат кўрсатилиши учун автомобиль ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатиши мумкин бўлган пулли хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган майдон, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади.
Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон фуқаролари учун чегараларини ёпгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бўлган Қирғизистон фуқаролари мамлакатни тарк этиши, Қирғизистонда бўлган ўзбекистонликлар эса ватанга кириши мумкин бўлган.