Путинга Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида қатнашиш тақиқланди

Спорт арбитраж суди (CAS) Россия президенти Владимир Путинга кейинги икки йил давомида Жаҳон чемпионатлари ва Олимпия ўйинларида қатнашишни тақиқлади. Бу ҳақда «Sports.ru» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Арбитраж суди қарорида айтилишича, йирик турнирларга ташриф буюришни тақиқлаш бутун Россия ҳукуматига, хусусан, президентдан тортиб вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари, бош вазир, давлат думаси депутатларига ҳам тегишли.

«Бу антидопинг лабораторияси маълумотлари базасидаги ўзгаришлар учун Россияга қўйилган жазонинг бир қисмидир», дейилади хабарда.

Аммо тақиқ учун айрим истиснолар киритилган. Фақат учта ҳолатда тақиқ ўз кучини йўқотиши мумкин:

  • юқорида айтиб ўтилганлардан бирортаси мусобақа ўтказиладиган мамлакат президенти ёки бош вазири томонидан шахсан таклиф қилинган бўлса;
  • Россия ҳукумати вакили Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) ёки Халқаро Паралимпия Қўмитаси (ХМК) аъзоси бўлса;
  • ушбу вакил ўзи мусобақада қатнашадиган спортчи ёки жамоа аъзоларидан бири бўлса (масалан, мураббий).

Аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенкога ҳам Олимпия ўйинларида ва бошқа тадбирларда қатнашиш вақтинча тақиқланган эди. Таъкидланишича, Беларусь Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) амалдаги раҳбариятининг хатти-ҳаракатлари Олимпия Хартиясининг асосий тамойилларига зид ва «Олимпия ҳаракати обрўсига жиддий путур етказмоқда».