Александр Лукашенконинг Олимпия ўйинлари ва бошқа тадбирларда қатнашиши тақиқланди

Халқаро Олимпия Қўмитаси Беларусь президенти Александр Лукашенкони Олимпия ўйинларида ва бошқа тадбирларда қатнашишини вақтинча тақиқлади. Бу ҳақда ташкилот президенти Томас Бахнинг сўзларига таяниб, «Kommersant» хабар берди.

Фото: «vida press»

Таъкидланишича, Беларусь Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) амалдаги раҳбариятининг хатти-ҳаракатлари Олимпия Хартиясининг асосий тамойилларига зид ва «Олимпия ҳаракати обрўсига жиддий путур етказмоқда». Ушбу тақиқ Александр Лукашенкога, Беларусь МОҚ президенти, унинг тўнғич ўғли ва МОҚ биринчи вице-президенти Виктор Лукашенко ҳамда МОҚ ижроия қўмитаси аъзоси Дмитрий Басковга тегишли.

ХОҚ, шунингдек, Беларусь МОҚ учун Токиода 2021 йилда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари (ва 2022 йилда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпия ўйинлари)га тайёргарликдан бошқа барча маблағларни музлатиб қўймоқда. Бахнинг сўзларига кўра, спорт бўйича таълим дастурлари миллий қўмита томонидан эмас, балки тўғридан-тўғри ХОҚ томонидан молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Токиодаги Олимпия ўйинлари COVID-19 билан боғлиқ вазиятдан қатъи назар, 2021 йил 23 июлдан 8 августгача ўтказилиши айтилган.

Аввалроқ Беларусдаги президентлик сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилингани хабар қилинганди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлаган.

Аммо сайлов натижалари Минскда ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишларига сабаб бўлган эди. Кейинроқ намойишларда иштирок этган тахминан 120 киши ҳибсга олинган.

Янгиликлар