Беларусдаги президентлик сайловларининг дастлабки натижалари эълон қилинди (фото)

Марказий сайлов комиссияси Беларусдаги президентлик сайловларининг дастлабки натижаларини эълон қилди. Бу ҳақда «Белта» нашри хабар қилди.

Фото: «Белта»

Унга кўра, амалдаги президент Александр Лукашенко 80,23% овоз йиғган. Светлана Тихановская 9,9%, Анна Канопацкая 1,68%, Андрей Дмитриев 1,04%, Сергей Черечень 1,13% овоз олган, 6,02% аҳоли барча номзодларга қарши овоз берган.

Фото: «Белта»

Сайловнинг дастлабки натижаларини Марказий сайлов комиссияси раиси Лидия Ермошина эълон қилди.

«Марказий комиссия, яъни мен билан таҳлилчи, биз фақат икки киши эдик, ҳукумат уйидан тунги соат 1 да эвакуация қилинганимиз сабабли дастлабки натижалар қўлда ҳисобланди. Шунинг учун натижаларни қўлга кирита олмадик. Уларни ҳозиргина мана шу брифингдан олдин қабул қилдик», — дейди Лидия Ермошина.

Фото: «Белта»

Марказий сайлов комиссияси раисининг 9 август куни эълон қилган ягона натижаси касалхоналар ва ҳарбий қисмларда ташкил қилинган ёпиқ участкалар учун бўлди. Бундан ташқари, бир қанча туманлар бўйича ҳам натижалар эълон қилинди.

МСКнинг дастлабки натижаларига кўра, сайловларда рўйҳатга киритилган 5 798 908 киши ёки 84,23% сайловчи қатнашган.

Александр Лукашенкога 4 652 423 киши, Андрей Дмитриевга 60 543 киши, Анна Канопацкаяга 97 926 киши, Светлана Тихановскаяга 574 312 киши, Сергей Череченга 65 784 киши овоз берган.

МСКнинг сайлов натижалари бўйича йиғилишида овоз бериш натижалари яна аниқланади.

«Лекин улар сезиларли даражада ўзгаради, деб ўйламайман», — дейди Лидия Ермошина.

Аввалроқ Ўзбекистон МСК раиси ўринбосари Беларусдаги сайловларни холис кузатиш мақсадида мамлакатга ташриф буюргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар