Токио Олимпиадаси ташкилотчилари коронавирусга қарши чоралар учун қанча маблағ сарфлаши маълум бўлди

Токио Ёзги Олимпиада ва Паралимпия ўйинлари ташкилотчилари коронавирусга қарши чоралар кўриш учун 960 миллион доллар сарфлайди, деб ёзади «Kyodo» агентлиги.

Фото: «Reuters»

Маълумотларга кўра, харажатларга синов тизимини ташкил этиш ва тиббий асбоб-ускуналарни сотиб олиш киради. Агентликнинг таъкидлашича, бу харажатларнинг катта қисми Япония ҳукумати томонидан қопланади.

Хусусан, Олимпиада ташкилий қўмитаси Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар учун қўшимча равишда 1,9 миллиард доллар ажратишга қарор қилди, дейилади «Yomiuri» нашри хабарида.

Ташкилотнинг дастлабки бюджети 12,3 миллиард долларни ташкил этган, аммо Олимпиаданинг бир йилга қолдирилиши бу миқдорни ошириб юборган. Бунинг сабаби эса Олимпиада ўтказиладиган иншоотларни сақлаш, уларни муҳофаза қилиш ва ҳоказо.

Маълумот учун, ташкилотчилар ўйинларни учта асосий принципга асосланган ҳолда ўтказишни режалаштирмоқда: хавфсиз муҳитни таъминлаш, харажатларни минималлаштириш ва ўйинларнинг форматини соддалаштириш.

Aввалроқ Токио Олимпиадаси ташкилотчилари мусобақа форматини соддалаштиришга қарор қилган эди. Улар, шунингдек, Олимпиадани томошабинларсиз ўтказиш ёки фақат Япония фуқароларига томоша қилиш ҳуқуқини бериш вариантини ҳам кўриб чиққан.

Маълумот учун, Олимпиада 2020 йил 24 июлдан 9 августгача ўтказилиши керак эди. Бироқ пандемия туфайли у бир йилга қолдирилган. Халқаро Олимпия Қўмитаси вице-президенти коронавирус пандемияси сабабли қолдирилган Токиодаги Олимпия ўйинлари COVID-19 билан боғлиқ вазиятдан қатъи назар, 2021 йилда ўтказилишини айтган. Унга кўра, ўйинлар 23 июлдан 8 августгача ўтказилади. Иштирок этиши кутилаётган атлетлар сони эса 11 091 тани ташкил этади.

Янгиликлар