Андижонда ота қизини мунтазам зўрлаб келгани айтилган видео бўйича текширув бошланди

Бош прокуратура Андижон вилояти Хўжаобод туманида яшовчи вояга етмаган қиз отаси томонидан зўрлаб келинаётганлиги ҳақидаги хабарга муносабат билидириб, ҳозирда туман Ички иўлар бўлими томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, Андижон вилояти, Хўжабод тумани Чимбулоқ МФЙда истиқомат қилувчи Р.Ё. оиласида жинсий зўравонликка учраётгани ҳақида YouTube’даги каналлардан бирига интервью берган. Қизнинг айтишича, отаси 43 ёшли Т.А. уни илк бор 9-синфда ўқиётган пайтда оёқ-қўлини боғлаб, зўрлаган ва «Ё мен билан бўласан, ё бу уйда яшамайсан», дея пўписа қилган. Шу тариқа мунтазам зўрлаб, калтаклаб келган.

Қизнинг онаси 2010 йилдан вафот этгач, отаси бошқа аёлга уйланган. Қиз бу ҳақида қўшнилари, ўгай онаси, қариндош-уруғларига ҳам айтган. Бироқ ҳеч ким ёрдам бермаган, балки уни ёлғончиликда айблашган.

Ўтган йилнинг август ойида Абдумалик исмли профилактика инспекторига мурожаат қилган. Бироқ ички ишлар ходими оғзаки огоҳлантириш берган. Кейинроқ эса инспектор «Телефон ёки камерага тасвирга тушириб бер, шундагина унга қарши жиноий иш очаман», деб маслаҳат берган.

Таъкидланишича, уйида мунтазам ҳақоратланган, зўрланган ўсмир мактабда ҳам мунтазам қатнай олмаган. Ўз жонига қасд қилишга бир неча бор уринган.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура видеоёзувдаги қиз юқоридаги ҳолат бўйича ваколатли идораларга мурожаат қилишига қарамасдан ҳеч қанака чора кўрилмаётганлиги ҳақидаги важларига аниқлик киритиш мақсадида Хўжаобод тумани прокуратураси томонидан тегишли идоралар ходимларига нисбатан хизмат текширувлари тайинлангани маълум қилган.

Шунингдек, текшириш жараёни Андижон вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинганини таъкидлaб ўтган.

Аввалроқ Сирдарёда ўгай қизини мунтазам қийнаб, уятсиз ҳаракатлар қилган аёл иши бўйича маълумот берилганди.

Янгиликлар