Сирдарёда бобоси зўрлагани айтилган 5 яшар қиз иши бўйича маълумот берилди

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ижтимоий тармоқларда «Қайнотам беш ёшли қизимни зўрлади, эрим мени алиментга берди» сарлавҳаси остида тарқалган видео мурожаат юзасидан 16 декабрь куни расмий муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, мазкур видео мурожаат юзасидан Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилган. Аввалроқ ушбу видео мурожаат юзасидан Ховос туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Текширув ҳаракатлари давомида Ховос тумани Бўстон маҳалласида яшовчи фуқаро А.О. 13 ноябрь куни ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи В.Ж. билан 2007 йилда турмуш қурганлигини, 2020 йилнинг 25 июнь куни улар ўртасида келишмовчилик келиб чиққанлиги сабабли турмуш ўртоғи В.Ж. билан яшамай, ажрашиб кетганини маълум қилган.

Аёлнинг айтишича, 2 нафар вояга етмаган қизи турмуш ўртоғининг тарбиясида қолган. 2020 йил октябрь ойи ўрталарида вояга етмаган (2015 йилда туғилган) қизи Ғ.С.ни қайнатаси С.Ж. зўрлик ишлатиб, ўзининг жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирганлигини маълум қилган.

Фуқаро А.О.нинг аризаси юзасидан Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Судга оид тиббий экспертизанинг 12 декабрдаги тиббий хулосасига кўра вояга етмаган Ғ.Снинг баданида, шунингдек, жинсий аъзолари соҳасида бирон-бир тан жароҳати ёки жароҳат излари мавжуд эмас.

Ҳолатга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Ховос туман ИИБ тергов бўлими 13 декабрь куни Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатиб, тергов ҳаракатларинин олиб бормоқда.

Аввалроқ Андижонда 65 ёшли эркак қўшнисининг ногирон қизини мунтазам зўрлаб келгани аниқлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россияда 10 ёшли болалар ўзбекистонлик 11 ёшли қизни зўрлагани хабар қилинган.

Янгиликлар