Aндижонда 65 ёшли эркак қўшнисининг ногирон қизини мунтазам зўрлаб келгани аниқланди

Aндижон вилояти Пахтаобод туманида вояга етмаган ва ногиронлиги бор 16 ёшли қизни ён қўшниси мунтазам зўрлаб келган. Бу ҳақда унинг яқинлари «Спутник» агентлигига маълум қилди.

Қайд этилишича, жабрланган фуқаро Н.Н. II гуруҳ ногиронлиги бўйича рўйхатда туради ва ўз тенгдошларига нисбатан ақлан заиф. Шу сабабли у ўз вақтида ўзи билан юз берган ҳолатларнинг аҳамиятини англамаган.

Қизнинг онаси ушбу ҳодиса бир неча маротаба содир бўлганини айтган. Маълум бўлишича, фуқаро М.М. қўшнисининг қизини мактабда ўқитишга қарор қилган. Пандемия вақтида онлайн тарзда ўқиши учун унга планшет олиб берган.

Қиз интернет тармоғидан фойдаланиш давомида тасодифан порнографик видеороликка гувоҳ бўлган ва уни онасига кўрсатиб, «бу бахтли ҳаёт, фалончи амаки айтди», дея ўзи ва қўшниси ўртасида юз берган ҳолатлар ҳақида айтиб берган. Она илк маротаба шунда қизи 65 ёшли қўшниси М.М. томонидан зўрланаётганлигини билиб қолган.

«Қайнатам ‘Келин, бир умр ногирон боқиб, уйда ўтириб қолдингиз. Сиз ҳам бундоқ ишга чиқиб, одамларга қўшилинг’, дегани учун тумандаги тикув фабрикасига ишга жойлашган эдим. Пандемия вақтида уйимиз деразаларини михлаб қўйган эдик. Қўшни ўзининг ғаразли мақсадига етиш учун ана шу михларни суғуриб, деразадан тушган ва ҳар гал шу дераза орқали уйга кириб турган. Қизимни эса ‘Онангга айтма, бахтли бўласан, қизим, ногирон бўлганинг учун сенга бу ҳақда гапиришмаган, аслида ҳамма шундай қилиб эрга тегади’ каби сўзлар билан алдаб келган. Оғриқни қолдириш мақсадида ёки ҳомиладор бўлиб қолмаслиги учунми, ‘грипп бўлмайсан’ деб қизимга аллақандай дорилар ичириб келган», — дейди жабрланувчининг онаси.

Она айрим сабабларга кўра қизи охирги маротаба зўрланганидан бир ой ўтиб, туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Бироқ иш қизнинг ўз хоҳишига кўра юз бериб келганлиги сабаби билан тугатилган.

Aммо қизнинг оила аъзолари юқори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига такрор мурожаат қилавергач, бу иш бўйича ҳозирда қайта тергов очилган.

«Қизим аввалдан ногирон бўлиб туғилмаган. У болалигида бир маротаба ‘судорги’ бўлиб, эътиборсиз қолдирилган. Шунинг асоратими, у тез-тез тутқаноққа чалиниб туради. Қолаверса, бўлган ишлар унга ёмон таъсир қилгани учун, эсига тушса, қайта-қайта гапириб берадиган бўлиб қолди», — дейди қизнинг онаси.

Шунингдек, она педофилликда гумонланаётган шахснинг қаёққадир ғойиб бўлгани, терговга келаётган ёки келмаётгани ҳақида билмаслигини айтгани. Aёл унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Жабрланувчининг 2020 йил 29 сентябрдаги аризасига биноан 2020 йил 4 ноябрь куни Пахтаобод тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан (Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) жиноий иш қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилаётгани, ички ишлар бўлими эса жиноий иш очишни рад этгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик Самарқанд прокуратураси «қизнинг номусига теккан машҳур хонанда иши» бўйича ИИБ қарорини бекор қилгани хабар қилинган.