Ўзбекистонда хонадонларга ис газини эрта аниқлайдиган қурилма ўрнатилади

«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасига кўра, мамлакатда аҳоли хонадонларига ис газини эрта аниқлайдиган газоанализаторлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Фото: «cooperation.uz»

Шавкат Мирзиёевнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш қарори юзасидан ишлаб чиқиладиган лойиҳада қуйидагилар кўзда тутилади:

ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш;

аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашни ташкил этиш;

янги турар жой мажмуалари қурилган, маъмурий марказдан узоқда жойлашган ҳамда ёнғинларни тезкор бартараф этиш имконияти чекланган ҳудудларда қўшимча ажратиладиган штат бирликлари ҳисобига ёнғин-қутқарув қисмлари (постлари)ни ташкил этиш;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш;

ёнғин-қутқарув спортини ривожлантириш ва оммалаштириш назарда тутилади.

Шунингдек, бу вазифаларни бажариш муддати 2021 йил 1 март этиб белгиланган. Ижро учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул этиб белгиланган.

Янгиликлар