Навоийдаги автоҳалокатда велосипедчи вафот этди
Навоий вилояти Кармана туманидаги автоҳалокатда велосипедчи вафот этди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 15 февраль куни кечки соат 21:30 лар чамаси ИИБ ЙҲХБ навбатчилик қисмига Кармана тумани ҳудудидан ўтган М-37 халқаро аҳамиятга эга бўлган йўлда велосипедчи иштирокида ЙТҲ содир этилганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, қорақалпоғистонлик 47 ёшли 18 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга фуқаро бошқарувидаги «Cobalt» Бухоро–Навоий йўналишида кетаётганда йўлнинг белгиланмаган қайрилиб олиш жойидан велосипедда ҳаракатланиб ўтаётган 49 ёшли велосипедчини уриб юборган. Натижада, велосипед бошқарувчиси воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ЙТҲ содир бўлишининг келиб чиқишига бирламчи сабаблар ўрганилганда М–37 автомобиль йўлининг 173–174-километрлари оралиғи аҳоли яшаш пункти ҳисобланса-да, йўл ёритилмаганлиги, қайрилиб олиш жойида ёритиш чироқлар ўрнатилмаганлиги, велосипедда тунги вақтда нур қайтарувчи жиҳозлар йўқлиги аниқланган.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлинма бошлиғи Меҳриддин Аслоновга кўра, йўлда йўл ётиқ чизиқлари чизилган, тегишли йўл белгилари меъёрий ҳужжат талаблари асосида ўрнатилган. Автомобиль йўлида ўйдим чуқурлар мавжуд эмас. Қоплама текис ва равон. Автомобиль йўлининг 173-километри Маликобод аҳоли яшаш ҳудудининг бошланиш жойи ҳисобланиб, тунги ёритиш чироқлари билан ёритилмаган. Бу бўйича мавсумий назорат кўриклари давомида тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар берилган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан туман ИИБ тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.