Давлатободда 2020 йил якунига қадар салкам 57 млрд сўмлик лойиҳалар амалга оширилади

Наманган шаҳри Давлатобод туманида 2020 йил якунига қадар 56,9 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида Наманган шаҳри Давлатобод туманида туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ва йил охирига қадар якунланиши режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти бўлиб ўтган. Тақдимотда вилоят ва шаҳар ҳокимлари Шавкат Aбдураззоқов, Олим Исаев ҳамда вилоят прокурори Жаҳонгир Хотамов иштирок этиб истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Давлатобод туманида 2020 йил охирига қадар 56,9 миллиард сўмлик 18 лойиҳа амалга оширилади. Вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси тақдимотида трансформация лойиҳалари доирасида Давлатобод туманидаги мавжуд 7 меҳмонхонага «E-mehmon» ахборот тизимини жорий этилгани, бу объектлар оптик толали интернет тармоғига улангани, Wi-Fi ҳудудлари мавжуд бўлиб, меҳмонхона бино иншоотлари ва унинг 100 метр радиусдаги майдонда интернет ишлашини таъминлаб бера олишини маълум қилган.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, айни пайтда Давлатобод туманида 6 та меҳмонхона ва 1 та ҳостел мавжуд. Ҳозирда 4 та янги меҳмонхона қурилмоқда, 2 та мавжуд меҳмонхона кенгайтирилмоқда. Қурилишлар якунига кўра 1725 нафар меҳмон-сайёҳни бир вақтнинг ўзида қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Телекоммуникация инфратузилмаси ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш ва «E-mehmon» ахборот тизимини жорий этиш учун ижрочилар ҳисобидан 1845 миллион сўм маблағ сарфланади.

Фото: Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, «E-mehmon» тизими чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга веб-сайт, мобиль илова ва мустақил сайёҳларни рўйхатга олиш тизими орқали рўйхатдан ўтиш имконини беради. Сайёҳ ва меҳмонларни рўйхатга олиш жараёни тўла рақамлашади ва бу иш шу тариқа давлат органлари иштирокисиз ҳал этилади.

Аввалроқ Наманган шаҳрида ташкил этилган Давлатобод тумани Ўзбекистонда биринчи Smart City’га айлантирилиши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Когонда салкам 22 миллиард сўмлик лойиҳалар асосида 225 та иш ўрни яратилиши ва Қўшработда қиймати 105 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 29 та саноат корхона ташкил этилиши маълум қилинган.

Янгиликлар