Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Aбдуллаевга уй совға қилди

Президент Шавкат Мирзиёев журналист Бобомурод Aбдуллаевга 8 сентябрь куни Тошкент шаҳридан уч хонали уй совға қилди. Бу ҳақда журналист 18 октябрь куни ўзининг Facebook’даги саҳифасида маълум қилган.

Фото: Бобомурод Абдуллаев/ Facebook

Журналистнинг таъкидлашича, хонадон барча мебеллар ҳамда маиший техника воситалари билан жиҳозланган. Бу уйга журналист оиласи билан 5 октябрь куни кўчиб ўтган. Бобомурод Aбдуллаев совға учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирган.

Журналист Бобомурод Aбдуллаев Ўзбекистон сўровига кўра Бишкек шаҳрида ҳибсга олинган. Кейинчалик журналистнинг онаси Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилгани инобатга олиниб, 22 август куни озод этилган.

«Мурожаатимда менинг болам оғир аҳволда, ночор ҳолда эски уйда яшайди, деб айтгандим. Буни мен кутмаган эдим. Президентимиз мурожаатимни инобатга олиб, менинг боламга шундай уйни ҳадя қилибди. Болам буни менга 8 сентябрь куни телефонда айтганда қотиб қолдим. Хурсандчилигимдан тилим айланмай қолди. Президентимизга мингдан минг раҳмат айтаман», — деган журналистнинг онаси.

Бобомурод Aбдуллаевнинг аниқлик киритишича, онаси мурожаатида бу гапларни Президентдан уй сўраб айтмаган.

Эслатиб ўтамиз, журналист Бобомурод Aбдуллаев 2018 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни содир этишда айбланган. Шундан сўнг 2018 йил 7 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Бобомурод Aбдуллаев озод этилган.