Қирғизистонда ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонга топширилди

Қирғизистон махсус хизмати Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинган журналист-фрилансер Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистонга топширди. Бу ҳақда 22 август куни Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «UzNews»

«Ўзбекистон ваколатли органининг Ўзбекистон манфаатларига қарши оғир жиноят содир этганликда айбланаётган ва қидирувга берилган шахсни ҳибсга олиш ва топшириш тўғрисидаги сўровига кўра Бобомурод Абдуллаев ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга топширилди», — дейилади қўмитанинг хабарида.

Бишкекдаги Первомайский туман судининг 10 августдаги қарорига кўра, Абдуллаевга нисбатан 30 кун муддатга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб, Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитасининг тергов изоляторида ушлаб турилган.

«22 август куни Қирғизистон қонунчилиги ва хорижий давлат фуқароларини жиноий жавобгарликка тортиш учун топшириш бўйича хукуматлараро шартнома нормаларига амал қилган ҳолда Абдуллаев Ўзбекистонга топширилди», — дейилади қўмита хабарида.

Маълумот учун, Бобомурод Абдуллаев 2018 йил мартида Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва амалдаги ҳукуматни ағдаришга уриниш каби жиноятларни содир этишда айбланган.

Шундан сўнг, 2018 йил 7 май куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган Бобомурод Абдуллаев озод этилган.

Аввалроқ Бобомурод Абдуллаевнинг Қирғизистонда ҳибсга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар