Фуқаролари Евроиттифоқ ҳудудига кириши мумкин бўлган мамлакатларнинг янгиланган рўйхати эълон қилинди

Евроиттифоқ кенгаши эпидемик вазият етарлича яхшиланган қайси мамлакат фуқаролари Евроиттифоқ ҳудудига кира олишини маълум қилди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

Фото: «Podrobno.uz»

Маълум қилинишича, Евроиттифоқ ҳудудига Австралия, Янги Зеландия, Руанда, Сингапур, Таиланд, Жанубий Корея ва Япониядан бориш мумкин. Шунингдек, Хитой, Гонконг ва Макаонинг алоҳида маъмурий туманлари учун ҳам Евроиттифоққа сафар қилиш бўйича чекловлар аста-секинлик билан бекор қилиниши кутилмоқда. Уругвайда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани туфайли у ердан Евроиттифоққа келиш учун рухсат бекор қилинган.

Европада пандемия бошидан буён 22,9 миллион киши коронавирусга чалинган. Сўнгги бир ҳафта ичида вирусни юқтириш билан боғлиқ 1,7 миллионта ҳолат қайд этилган. Бундан ташқари, пандемия даврида 506 минг киши коронавирус оқибатида вафот этди.

Аввалроқ Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарлари Туркияни Шарқий Ўрта ер денгиздаги Кипр ҳудудий сувларида бурғулаш ишларини ноқонуний олиб борганликда айблаб, унга қарши санкция қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди. Санкцияларга Европа Иттифоқи ҳудудига киришни тақиқлаш ва активларни музлатиш киради. Санкциялар бўйича якуний қарор Европа Кенгаши томонидан қабул қилинади.

Янгиликлар