Алексей Навальний Москвага парвоз вақти ҳушини йўқотди. Унинг чойига заҳар солинган деб тахмин қилинмоқда (видео)

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси асосчиси Алексей Навальний Томскдан Москвага учаётган пайти ўзини ёмон ҳис қилиб, аҳволи оғирлашиб қолган. Бу ҳақда 1-сонли Омск шошилинч тиббий ёрдам шифохонасининг бош врачи маълум қилди, деб ёзади «РБК».

«Унинг аҳволи оғир», — дейди врач. Бошқа тафсилотлар эса маълум қилинмаган.

Омск вилояти Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати эса Навальний реанимацияда эканлигини маълум қилган.

«Ҳозирда шифокорлар Алексей Навальнийнинг аҳволини ўрганишга қаратилган барча керакли текширувларни ўтказди. Натижалар кейинроқ аниқ бўлади», — дейилади вазирликнинг хабарида.

Навальнийнинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз вақтида ёмонлашганини унинг матбуот котиби Кира Ярмиш айтган. Самолёт Омскда фавқулодда қўнган. Навальнийда заҳарланиш кузатилган, ҳушини йўқотган, деб ёзади Ярмиш.

Ярмишнинг фикрича, Навальнийнинг чойига қандайдир модда аралаштириб, заҳарлашган.

«Чунки у тонгда чойдан бошқа ҳеч нарса ичмаган эди. Врачлар заҳар иссиқ суюқлик орқали тезроқ сўрилишини айтмоқда», —  деб қўшиб қўйган у.

Фото: Instagram

Кейинроқ Ярмиш Навальнийнинг реанимация бўлимига ўтказилгани ва сунъий ўпка вентиляцияси аппаратига уланганини хабар қилган.

Янгиликлар