Бухорода буржуйка печларини алмаштириш учун 77 та мактабга 10 млрд сўм ажратилди

Бухоро вилоятида 77 та мактаб буржуйка печларини алмаштириш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, Бухорода мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш учун 155 та муассасада таъмирлаш, 49 та таълим муассасасида 128 дона энергия тежамкор иситиш қозонлари ўрнатиш ишлари якунланган. Куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида эса 6 минг 734 тонна ёки 100 фоиз кўмир (брикет) маҳсулотлари мактабларга етказиб берилган.

Шунингдек, 77 та мактабда буржуйка печларини алмаштириш учун вилоят маҳаллий бюджетидан 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 2 та янги қурилиш, 7 та реконструкция ва 6 та мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Бухоро вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоеванинг таъкидлашича, биноси мактаб типида қурилган умумтаълим муассасалари сони 517 тани, биноси мослаштирилган мактаблар сони 19 тани, мактаб филиаллари сони эса 27 тани ташкил этган. 2020 йил инвестиция дастури ва инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар доирасида 19 та объектда 84,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 19,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Маълумот учун, Бухорода 536 та мактаб мавжуд бўлиб, уларда 329 минг 787 нафар ўқувчи таҳсил олади. Уларга 28 минг 575 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда. Мактаблар таркибида 4 та саломатлигида нуқсони бор болалар учун маҳсус, 3 та санаторий типидаги ва 8 та айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат мавжуд. Шунингдек, вилоятда жами 4 та, жумладан кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун 24-сонли махсус мактаб-интернатда 211 нафар, кар ва заиф эшитувчи болалар учун 123-сонли махсус мактаб-интернатда 235 нафар, ақли заиф болалар учун 26 ва 27-сонли махсус мактаб-интернатларида 723 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бундан ташқари халқ таълими тизмида 14 та «Баркамол авлод» болалар мактаби, 1 та вилоят Болалар кутубхонаси мавжуд.

Аввалроқ Қўштепа ҳокими тумандаги 3 та муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирганди. Шунингдек, Ургут аҳолисига куз-қиш мавсумида 20 минг тоннадан ортиқ кўмир арзонлаштирилган нархда сотилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар