Қўштепа ҳокими тумандаги 3 та муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганди (фото)
Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими тумандаги 3 та муассасанинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Илёс Новиков «Ғиштмон» маҳалласидаги 14-умумтаълим мактабидаги ўқув жараёнларини мониторинг қилиш ва мактабда куз-қишга тайёргарлик ишларини ўрганиш мақсадида ушбу муассасада бўлган.
Ҳоким мактабдаги куз-қишга тайёргарлик ишларини, пандемия даврида ўқувчиларга яратилган шароитларни кўздан кечирган. Мактабга куз-қиш учун 50 тонна кўмир маҳсулотларини захира қилиш белгиланган ва 15 октябрь ҳолатига кўра, тўлиқ захира тайёрланган. Иситиш тизимида муаммолар мавжуд эмаслиги аниқланган.
Новиков мактабда анъанавий тарзда ўқишни давом эттираётган 11-синф ўқувчиларининг дарс жараёнлари билан яқиндан танишган.
Кейинчалик туман ҳокими 28-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, куз-қишга тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишган.
Ушбу 28-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларни қамраб олиш қуввати 110 нафарни ташкил этади. Муассасада иситиш тизимида муаммолар мавжуд эмаслиги белгиланган. Ташкилотга куз-қиш учун 43 тонна кўмир маҳсулотларини захира қилиш белгиланган.
Сўнгра Новиков Ғиштмон қишлоқ врачлик пунктида бўлган. Ҳоким аҳоли саломатлигини таъминлаш борасида яратилган шарт-шароитлар, ижтимоий дорихона фаолияти ҳамда муассасада куз-қишга тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишган.
Ушбу қишлоқ врачлик пунктида куз-қишга тайёргарлик кўрилиб, 7,5 тонна кўмир маҳсулотлари захираси ташкил этилган.
Бундан аввал Қўштепа туман ҳокими «темир дафтар»га киритилган оилалар билан суҳбатлашгани ва Қўштепа тумани ҳокиминиг қабулида 40 тага яқин мурожаат тинглангани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра Қўштепада умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган «Тиббий антисептик воситалар» лойиҳаси амалга оширилгани ҳамда Қўштепа туман прокурори ўтказган сайёр қабулда 2 кишининг мурожаати жойида ҳал этилгани маълум қилинди.