Қўштепа туман ҳокими «темир дафтар»га киритилган оилалар билан суҳбатлашди
Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими «темир дафтар»га киритилган оилалар билан уйига бориб суҳбатлашди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 октябрь, душанба куни Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков «Оқтепа», «Йўлдошобод», «Янги дўкон» ҳамда «Қумтепа» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «темир дафтар»га киритилган хонадонларда бўлиб, уларга кўрсатилган ижтимоий ва моддий кўмак натижасида ўзларининг доимий даромад манбаларига эга бўлганликлари билан яқиндан танишган.
Хусуан, туман ҳокими бошчилигида «темир дафтари»га киритилган меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилган. Шунингдек, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан тикувчилик, паррандачилик ва қўйчиликни ҳамда субсидия асосида берилган қуёнчиликни йўлга қўйишлари, қуриб берилган иссиқхоналардан самарали фойдаланишлари ҳисобига уларнинг доимий даромадга эга бўлишлари таъминланган.
Қайд этилишича, Илёс Новиков эҳтиёжманд ва даромад топишлари йўлга қўйилган ҳар бир оила вакиллари билан суҳбатлашиб, уларга ўзининг маслаҳат ва таклифларини берган.
Бундан аввал Қўштепада 25 та эҳтиёжманд оилага кредит асосида 2 бошдан қўй тарқатилгани ва Оқдарёда эҳтиёжманд оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ етказилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Тошлоқда вилоят ҳокими «темир дафтар»га киритилган фуқаро ҳолидан хабар олгани ҳамда Тойлоқда эҳтиёжманд оилаларга маиший техника ва пул маблағлари тарқатилгани маълум қилинди.