Тойлоқда эҳтиёжманд оилаларга маиший техника ва пул маблағлари тарқатилди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга маиший техника жиҳозлари ҳамда 10 та хотин-қизга 1 миллиондан 3 миллионгача пул тарқатилди. Бу ҳақда вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳам фаол иштирок этмоқда. Президентнинг 2017 йил 12 cентябрдаги «Aҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида федерация томонидан мамлакатнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра уй-жойга, маиший техника жиҳозларига эҳтиёжи бор, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, аҳолининг кам таъминланган тоифаларига ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Ушбу манзилли дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туманда ана шундай эҳтиёжманд оила хотин-қизларига маиший техника жиҳозлари берилди.

Фото: Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Шу мақсадда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда иштирок этган туман ҳокими Баҳодир Бабоназаров 29 та тикув машинаси, 3 та кир ювиш машинаси ҳамда 2 та газ плитасини ўз эгаларига топширди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам пули зарурлигини билдирган 10 нафар хотин-қизларга 1 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача бўлган пластик карточкалар берилди.

Aввалроқ Фарғона туманида «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшгача бўлган фарзандларига 500 минг сўмдан пул берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар