Фарғона туманида «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшгача бўлган фарзандларига 500 минг сўмдан пул берилди
Фарғона тумани 4-секторда 443 нафар бола учун 221 миллион сўм моддий ёрдам сифатида тарқатилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи раҳбарлигида «темир дафтар»га киритилган 287 та оиланинг 16 ёшга тўлмаган 443 нафар боласига жами 221 миллион 500 минг сўм моддий ёрдам пули тарқатилган.
Қайд этилишича моддий ёрдам болаларга мактаб ўқув қуроллари ҳамда кийим-кечаклар учун берилган.
Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан, 2020 йилнинг сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларнинг, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига ва ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Аввалроқ Тойлоқда ёрдамга муҳтож оилаларнинг 3110 нафар вояга етмаган фарзандига 500 минг сўмдан пул тарқатилгани, Оқдарёда эҳтиёжманд оилаларнинг вояга етмаган фарзандларига 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ етказилгани ҳақида хабар қилинганди.