Қўштепада умумий қиймати 3,2 млрд сўм бўлган «Тиббий антисептик воситалар» лойиҳаси амалга оширилди

Фарғона вилояти Қўштепа туманида умумий қиймати 3,2 миллиард сўм бўлган «Тиббий антисептик воситалар» лойиҳаси амалга оширилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Қўштепа туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, бир кунда 5 тонна хом-ашёни қайта ишлаш қувватига эга лойиҳа тўлиқ ишга туширилган. Коронавирус пандемияси даврида талаб ортган антисептик воситаларини тайёрлаш йўлга қўйилган.

Фото: Қўштепа туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, тайёр маҳсулотлар 20 минг дона махсус идишларга қадоқланиб, ташкилот ва корхоналарга етказиб берилмоқда. Ишга туширилган мазкур лойиҳа туфайли 36 та янги иш ўринлари яратилган.

Фото: Қўштепа туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, келгусида жамият томонидан маҳсулотларни диверсификациялаш эвазига спиртли эритмалар ва табиий гиёҳлардан дамламалар тайёрлаш режалаштирилган.

Туман ҳокими Илёс Новиков, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи «Олимжон Фарм Медикал» масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳамда ишчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишган.

Бундан аввал Булоқбошида 1,5 миллиард сўм сарфланган «Ёшлар меҳнат гузари» иш фаолиятини бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Сўнгра,Қоракўлда 19 та фан дастуридан иборат «IT-markaz» ҳамда Оқдарёда лойиҳа қиймати 500 миллион сўм бўлган оилавий корхона очилгани маълум қилинди.

Янгиликлар