АОКА мажбурий обунага қарши чиқди

Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар бир ўқувчи ўзи истаган ва зарур деб билган нашрга ихтиёрий обуна бўлиши кераклигини таъкидлаб, мажбурий обунага қарши чиқди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Aхборот ва оммавий коммуникасиялар агентлиги коронавирус пандемияси даврида кўплаб газета ва журналлар нашр этилмай қолганини ҳисобга олган ҳолда, даврий босма оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш таклифини билдирган. Бироқ Aгентлик даврий босма нашрларга мажбурий тарзда обуна қилишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайди.

Таъкидланишича, газета ва журналларга обуна бўлиш ихтиёрий равишда, хусусан, обунани аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот қилиш, газета ва журналларнинг сифати, жозибадорлиги ва ўқишлилигини таъминлаш, уларни интернетга интеграциялашувини тезлаштириш орқали амалга оширилиши лозим. Шунингдек, ҳар бир ўқувчи ўзи истаган ва зарур деб билган нашрга ихтиёрий обуна бўлиши керак.

«AОКA бундан буён ҳам газета ва журналларнинг муассиси бўлган давлат органлари ва ташкилотларини ўз нашрларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, материалларнинг сифатини яхшилашга ва нашрларни аҳоли орасида оммалаштиришга чақиради», дейилади хабарда.