Жиззахда 54 млн сўмлик автомобиль «запчаст»ларини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахс ушланди

Жиззах вилоятидаги «Жиззах» ТИФ божхона постида қиймати 54 миллион сўмдан ортиқ автомобил эҳтиёт қисмларини ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Хабарга кўра, ҳолат вилоят божхона бошқармаси «Жиззах» ТИФ божхона пости ва Божхона назоратини ташкил этиш бўлими ходимлари ўзаро ҳамкорликда ўтказган тадбир давомида аниқланган. Маълум қилинишича, «Жиззах» ТИФ божхона постига «Божхона омбори» божхона режимига расмийлаштириш учун хориждан Самарқанд шаҳрида жойлашган хусусий корхона номига олиб келинган товарлар ва унинг божхона юк декларациясида қайд этилган маълумотлар божхона ходимлари томонидан ўрганилган. Шундан сўнг, мазкур товарлар божхона кўригидан ўтказилган.

Таъкидланишича, кўрик давомида божхона юк декларацияси ҳамда юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, умумий қиймати 5 миллиард 54 миллион сўмдан зиёд, 25 номдаги автомобил эҳтиёт қисмлари борлиги аниқланган. Бироқ, тадбиркор томонидан тақдим этилган юк кузатув ҳужжатларида корхона номига умумий қиймати 7870 долларга тенг бўлган «Aвтотранспорт воситаси эҳтиёт қисмлари» олиб келиниши кўрсатилган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 11 миллион сўмлик буюмларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган шахс ушлангани ва Бувайдада машинасида ҳеч қандай ҳужжати бўлмаган 20,2 млн сўмлик телевизорларни олиб кетаётган ҳайдовчи ушлангани  ҳақида хабар қилинганди. Шунингдек, Наманган шаҳрида машина юкхонасида 900 дона кучли таъсир қилувчи дорини олиб кетаётган ҳайдовчи қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар