Тошкент шаҳри ва икки вилоятда 20 кг дан ортиқ наркотик моддалар аниқланди

Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 20,2 кг наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Биринчи ҳолатда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро муқаддам наркокуръерлар томонидан Оҳангарон туманидаги дала майдонига яшириб кетилган 4 кг 935 гр «Альфа-ПВП» синтетик гиёҳвандлик воситасини олган вақтида ушланади.

Аниқланишича, интернет-наркодўконнинг омборчи лавозимидаги ишчиси ҳисобланган мазкур шахс кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида яшириб кетилган локациялардан олиш ва қисмларга ажратган ҳолда, республикамизнинг турли вилоятларига етказиб бериш билан шуғулланган.

Иккинчи ҳолатда эса, Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1981 й.т., муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилиб, унинг қўлидаги 1 дона хўжалик қопи холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада унда 9 кг 829 гр «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлиб, улар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Шу билан бирга, Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи, 1959 й.т. фуқаронинг яшаш хонадони тегишли тартибда кўздан кечирилган.

Натижада, у муқаддам қўшни давлатларнинг биридан олиб келинган 4 кг 652 гр «опий», 380 гр «гашиш» ва 492 гр «марихуана» гиёҳвандлик воситаларини келгусида мижозларга сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ўзбекистон