Ўзбекистон Покистон билан савдо ҳажмини $2 млрд етказишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 6 февраль куни Исломобод шаҳрига давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан биргаликда қўшма бизнес форумида иштирок этди.

Тадбирда икки мамлакатнинг 300 дан ортиқ етакчи саноат корхоналари ва савдо компаниялари, тармоқ ташкилотлари ҳамда ишбилармонлик тузилмалари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.

Давлат раҳбари ўз нутқида олий даражадаги музокаралар Ўзбекистон – Покистон муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий жиҳатдан ривожлантиришда янги босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этди.

Ўзаро алоқалар тарихида илк бор иқтисодий ҳамкорликка янги сифат бағишлаш ва савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказишни назарда тутувчи баённома имзоланди.

Икки мамлакат мутасаддиларига комплекс «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал этиш механизмини жорий қилиш топширилди.

Ўзбекистон Президенти иқтисодий шерикликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Фармацевтика ва тиббиёт, енгил саноат, кон-металлургия тармоғи ва геология, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш шулар жумласидан.

Покистон компаниялари Ўзбекистондаги дори воситалари, биотехнологиялар ва тиббий асбоб-ускуналарни маҳаллийлаштириш лойиҳаларига таклиф этилди. Тошкент фармацевтика паркида покистонлик инвесторлар учун қулай шароитлар яратилади.

Халқаро брендлар учун тайёр тўқимачилик маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришда катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналарини ишончли бошқарувга бериш ва покистонлик ҳамкорлар учун алоҳида чарм саноати зоналарини ташкил этишга тайёр.

Шунингдек, транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш савдо ҳажмини янада оширишнинг муҳим шарти эканлиги билдирилди.

Хусусан, «Покистон – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» йўналиши бўйлаб юк ташиш, Лаҳор ва Исломобод шаҳарларига эса авиақатновлар йўлга қўйилди, Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси илгари сурилмоқда. Жорий йилнинг апрель ойидан Карачига юк рейслари ва Лаҳорга тўғридан-тўғри йўловчи рейслари йўлга қўйилади.

Тадбир якунида Ўзбекистон етакчиси ва Покистон Бош вазири эришилган келишувлар тўғрисида алоҳида Баённомани имзоладилар. Унда амалга ошириш муддатлари ҳамда икки мамлакатнинг бунинг учун масъул вазирлик ва идоралари раҳбарлари белгилаб олинди.

Шунингдек, етакчилар ҳузурида қатор инвестициявий ва савдо-иқтисодий келишувларни алмашиш маросими бўлди.

Ўзбекистон