Ўзбекистонда апрель ойи Амир Темур ойи деб эълон қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев «Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Мазкур қарорнинг асосий мақсади буюк аждоди асос солган Иккинчи Уйғониш даврининг миллий ва умуминсоний моҳияти,
ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш борасидаги улкан ўрни ва таъсирини инобатга олиб, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни янги сифат босқичига кўтариш ҳисобланади.

Қуйидаги таклифлар маъқулланди:

• жорий йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш;

• жорий йил 9–10 апрель кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида «Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;

• Амир Темур ва темурийлар даври тарихи билан боғлиқ туркум китоблар, илмий ва илмий-оммабоп асарларни тайёрлаш ва чоп этиш;

• «Тирик тарих» лойиҳаси асосида суратга олинган, Амир Темур салтанатининг Европа давлатлари билан дипломатик ва элчилик алоқалари ёритиб берилган тарихий-бадиий ва ҳужжатли фильмларни Испания, Франция, Буюк Британия каби хорижий мамлакатларда намойиш этиш;

• Темурийлар даври манбалари электрон платформасини яратиш;

• Тошкент шаҳри ҳокимлиги 2026 йил якунига қадар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда, Темурийлар тарихи давлат музейи биносини реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициясини яратиш ишларини амалга оширилади.

Ўзбекистон