Сенаторлар Ўзбекистонда исломий банк фаолияти тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, кейинги йилларда мамлакатда замонавий банк хизматларини жорий қилишга ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда банк тизимини ривожлантириш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, бугунги кунда молиявий хизматлар қамровини кенгайтириш ва халқаро исломий молия стандартларига мувофиқ янги турдаги муқобил банк хизматларини жорий этиш зарурати юзага келаётгани таъкидлаб ўтилди. Шундан келиб чиқиб, мазкур Қонун билан 2 та кодекс ҳамда 7 та қонунга исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи янги нормалар киритилмоқда.

Қонун билан исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия тури жорий қилиниб, унга оид талаблар белгиланмоқда. Жумладан, мазкур лицензия билан банклар томонидан тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга ошириш ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий банк фаолиятини амалга ошириш имконияти пайдо бўлади, — дейилади хабарда.

Шунингдек, исломий молия фаолияти билан боғлиқ масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида Марказий банк ва исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашини ташкил этиш ҳамда унинг фаолиятига доир талаблар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, исломий молия операцияларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, Солиқ кодексига исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритилмоқда. Унга асосан исломий молия фаолиятидан олинган даромадлар солиқ солиш мақсадларида фоизли даромадларга тенглаштирилиб, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан мижозга реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинмоқда.

Сенаторларга кўра, ушбу Қонуннинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишига, мамлакатимизда рақобат муҳитининг яхшиланишига ҳамда банк-молия соҳасига янги стратегик инвесторларнинг кириб келишига хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Ўзбекистон