Сенат Узбекистонда PayPal, Apple Pay ва Google Pay хизматларини ишга тушириш учун қонунга ўзгартиришларни маъқуллади
Сенатнинг 13-ялпи мажлисида «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган дастурчи-фрилансерлар ўзлари яратган дастурий маҳсулот ва рақамли контентни хорижий мижозларга сотишда халқаро электрон платформалардан кенг фойдаланмоқда. Айрим йирик платформалар ёрдамида тўловлар банк карталари ёки банк ўтказмалари орқали амалга оширилаётган бўлса-да, Upwork, Fiverr, Envato, Storyblocks каби платформаларда тўловлар фақат PayPal орқали амалга оширилиши мумкин.
Бироқ ҳозирги вақтда PayPal тўлов тизими Ўзбекистонда чиқарилган банк карталари орқали тўлиқ ишламайди. Бу чеклов мамлакатимиз қонунчилиги, хусусан, «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонунда белгиланган маълумотларни фақат Ўзбекистон ҳудудида сақлаш талаби билан боғлиқ. Натижада халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши муайян даражада чекланиб қолмоқда.
Қонунга киритилаётган ўзгартиришлар бу борадаги муаммоларни бартараф этади. Халқаро онлайн тўлов тизимларининг мамлакатимизда фаолият юритишини енгиллаштириш, финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратиш, чет эллик туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир, — дейилади хабарда.
Қонунда фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар (биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар) Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги белгиланмоқда.
Бошқа маълумотларни чет элга узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилиб, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.
Сенаторларга кўра, мазкур Қонун электрон тижоратни ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига халқаро Интернет платформаларидан фойдаланишда янада қулай шароитларни яратишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.





