Ўзбекистонда «права»ни онлайн алмаштириш имконияти йўлга қўйилиши мумкин

Ўзбекистонда эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришни тўла рақамлаштириш ва янги гувоҳномаларни почта орқали етказиб беришни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Давлетовнинг сўзларига кўра, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришга келган фуқаролар узун навбатлар ҳосил қилмаслиги учун «права» олиш электрон шаклга ўтказилади.

«Битта камчилигимиз — гувоҳнома олаётганда имзо чекиши керак, бунинг учун, албатта, ўзи келишига тўғри келяпти. Ҳозир шуни олиб ташлашнинг ҳаракатини қиляпмиз, олиб ташласак, умуман марказга келиш шартмас бўлади. ‘Келманглар деймизʼ, қабул ҳам қилмаймиз. Фақат электрон равишда қабул қиламиз. Тайёрлаб, ҳамманикини почта орқали юборамиз», — дейди адлия вазири.

Унинг таъкидлашича, шу каби йўл тутилмаса муаммолар яна такрорланаверади, такрорланаверади. «Беш йилдан кейинам худди шунақа бўлади. Албатта, 100 мингта, 200 мингта одам алмаштирмай қолиб кетади ва охирги кунларда келиб, ҳаммаси навбатга туриб олади», — дейди Давлетов.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрел ойида эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ва автомототранспортни рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни мажбурий алмаштириш муддати қуйидагича узайтирилганди:

  • 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари — 2023 йил 31 мартгача;
  • 2010–2012 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 июнгача;
  • 2013–2015 йилларда берилганлари — 2023 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2023 йил 31 декабргача.

Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Янгиликлар