Сурхондарёда 48 миллион сўмлик вирус блокаторларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди
Сурхондарё вилоятида 48 миллион сўмлик вирус блокаторларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Tez News»га хабар берди.
Хабарга кўра, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро А.Ж. шартли харидорга умумий қиймати 48 миллион сўмлик 600 дона вирус блокаторларини ноқонуний равишда сотмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давомида фуқаро С.А.нинг ҳам ноқонуний хатти-ҳаракатига чек қўйилган. Ушбу шахс шартли харидорга умумий қиймати 16 миллион сўмдан ортиқ бўлган 193 дона вирус блокаторларини сотишга урингани фош этилган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда 34 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.